ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2023 й. 143-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 6 апрелдаги

143-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза

қилиш академиясида олий таълимдан кейинги

таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил

этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (кейинги ўринларда - Академия) олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилишни ташкил этиш ва ўқитиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


докторант - Академияга таянч докторантура ёки докторантурага белгиланган тартибда қабул қилинган шахс;


докторантура - фан доктори (Doctor of Science) (кейинги ўринларда - фан доктори (DSc)) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;


изланувчи - фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) (кейинги ўринларда - фалсафа доктори (PhD)) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс;


мустақил изланувчилик - фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори ((DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;


мустақил изланувчи - Академияга мустақил изланувчиликка белгиланган тартибда қабул қилинган шахс;


олий таълимдан кейинги таълим - фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик асосида илмий даражага эга илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни таъминлайдиган таълим тури;


олий таълимдан кейинги таълим институти - Академияда таянч докторантура, докторантура ёки мустақил изланувчилик шаклларидаги олий таълимдан кейинги таълимни амалга ошириш тизими;


олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда - Ягона электрон тизим) - олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилиш ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режалари бажарилиши юзасидан ҳисоботларни шакллантириш бўйича ҳужжатларнинг электрон алмашинувини ташкил этишга мўлжалланган ахборот тизими;


таянч докторантура - фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли.


3. Академияда олий таълимдан кейинги таълим институти қуйидаги шаклларда ташкил этилади:

таянч докторантура;

докторантура;

мустақил изланувчилик.


4. Олий таълимдан кейинги таълим институти фан ва техниканинг муҳим тармоқларида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, шунингдек фан ва технологияларнинг устувор йўналишларида фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, давлат илмий дастурларини амалга ошириш мақсадида очилади.


5. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилиш қуйидагича амалга оширилади:

бепул таянч докторантура ва докторантура шаклида ўқитиш;

бепул ва тўлов-контракт асосида мустақил тадқиқотчилик шаклида ўқитиш.

Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно) олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ёки халқаро шартномаларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга фуқаролар билан тенг ҳуқуқларда қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасида инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга киришга ва таълим олишга ҳақли.


6. Олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилинаётган магистр ёки мутахассислик дастурлари бўйича олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлиши, фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган хорижий мамлакатларда илмий даражага эга бўлганлар мутахассислиги олий таълимдан кейинги таълим ихтисослиги тегишли бўлган фан соҳасига мувофиқ бўлиши шарт. Фан соҳалари мос келмаганда ёки олий таълимдан кейинги таълимда фаннинг турдош соҳалари бўйича олиш режалаштирилганда талабгорлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда - ОАК) белгилаган фанлар бўйича қўшимча имтиҳонлар топшириши лозим.

Бакалавриат таълими йўналиши ва магистратура мутахассислиги таълимнинг турли соҳаларига тегишли бўлганда, ОАК томонидан белгиланган фанлар бўйича қўшимча имтиҳонлар топшириш шарти билан, бакалавриат таълимининг йўналишига тегишли бўлган таълим соҳасига мувофиқ мутахассислик бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясининг белгиланган тартибда тайёрланишига ва ҳимоя қилинишига йўл қўйилади (Академия магистратураси битирувчилари бундан мустасно).

7. Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек диссертация тадқиқотларини ўтказишда уларга илмий ва ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш истагидаги талабгорлар Академия кенгаши қарори билан илмий раҳбарларга, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш истагидаги талабгорлар эса - илмий консультантларга бириктирилади.

Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланадиган диссертация тадқиқотлари илмий консультантни тайинланмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Танланган тадқиқот мавзуси асосида барча тадқиқотчилар Академия кенгаши қарорлари билан Академиянинг таркибий бўлинмасига бириктирилади.


8. Академиянинг фан доктори бир вақтнинг ўзида олтитадан кўп бўлмаган докторантлар учун раҳбар ва маслаҳатчи бўлиши мумкин.

Илмий унвони бўлган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) бир вақтнинг ўзида учтадан кўп бўлмаган изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиши мумкин. Сўнгги уч йилда изланувчилари ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбарларга Академия кенгаши хулосаси асосида тўрттадан кўп бўлмаган изланувчилар бириктирилиши мумкин.

Илмий унвони бўлмаган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий раҳбар бир вақтнинг ўзида иккитадан кўп бўлмаган докторант ва мустақил изланувчиларнинг илмий раҳбари бўлиши мумкин. Сўнгги уч йилда изланувчилари ўз вақтида ҳимоя қилган илмий раҳбарларга Академия кенгаши хулосаси асосида учтадан кўп бўлмаган изланувчилар бириктирилиши мумкин.

Хорижий фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган изланувчиларга ўрнатилган меъёрдан ортиқ илмий раҳбар ёки консультантлар тайинланиши мумкин.


9. Олий таълимдан кейинги таълим институтини аккредитация қилиш ваколатли давлат органи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш масалаларида Академиянинг фаолиятини мувофиқлаштиради.



2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМНИ

ТАЯНЧ ДОКТОРАНТУРА ВА ДОКТОРАНТУРА

ШАКЛИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

           

11. Таянч докторантура ва докторантурага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ва тўлов-контракт асосида ўқитиш учун қабул квотаси (кейинги ўринларда - қабул квотаси), қоида тариқасида, тегишли ўқув йили учун тасдиқланган олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш умумий параметрларининг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Илмий марказ бошлиғининг тақдимномасига асосан Академия бошлиғи рухсат берган тақдирда, Академия докторантлари ҳафтасига 10 соатдан ошмаган ҳажмда соатбай тартибидаги педагогик фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Бошқа ҳар қандай меҳнат фаолияти тақиқланади.

Академия докторантларига стипендияси сақлаб қолинган ҳолда 21 календарь кунидан иборат ҳар йилги меҳнат таътиллари берилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси таянч докторантура ҳамда докторантура босқичига ўқишга қабул қилиш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.

Академия ҳар йили 1 июнга қадар Ягона электрон тизим орқали электрон шаклда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига илмий даражали кадрларга бўлган эҳтиёжлар, амалдаги олий таълимдан кейинги таълим институтларининг самарадорлиги, таълим олаётган докторантлар ва мустақил изланувчилар контингенти, илмий раҳбарлар ва илмий консультантларнинг самарали ишлари, шунингдек, мазкур Низомда белгиланган битта илмий раҳбар ва битта илмий консультантга бириктириладиган изланувчилар сонидан келиб чиқиб, кейинги йилдан бошлаб аттестациядан ўтган йўналишлар бўйича таянч докторантурага ва докторантурага қабул квотаси бўйича асосланган таклифлар билан мурожаат қилади.


12. Академия томонидан қабул квотаси бўйича асосланган таклифларни ҳар йили 10 июнга қадар Ягона электрон тизим орқали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборилишини таъминлайди.


13. Академия ҳар йили 1 сентябрдан кечикмасдан оммавий ахборот воситаларида қабул квоталарига мувофиқ ҳужжатларни қабул қилиш муддатларини, талаб қилинадиган ҳужжатлар, топшириладиган имтиҳонлар рўйхатини ва қабул квотаси миқдорини кўрсатган ҳолда таянч докторантура ва докторантурада ўқиш учун талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилиш тўғрисида эълон беради.

Ҳужжатлар Академия томонидан 15 сентябрдан 15 октябргача бўлган даврда Ягона электрон тизим орқали қабул қилинади.


14. Таянч докторантурага қуйидагилар қабул қилинади:

бакалавр ва магистр дипломлари (фақат юридик соҳа бўйича) ёки олий маълумот тўғрисидаги (ихтисослик бўйича) дипломга эга бўлганлар;

Академия магистратураси битирувчилари;

юридик соҳа бўйича бакалавр дипломига эга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби магистратураси битирувчилари;

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий натижалар, шу жумладан, илмий журналларда чоп этилган камида битта мақола ҳамда тегишли йўналишлар бўйича иккитадан кам бўлмаган илмий ишлар тўпламларига киритилган маъруза тезисларига эга бўлганлар;

илмий тадқиқотлар учун танланган мавзу билан боғлиқ камида уч йиллик иш тажрибаси;

чет тилини билиш даражасининг миллий ёки тегишли халқаро сертификатига эга бўлганлар.

15. Академияда бошлиқ раислигида қабул комиссияси тузилади. Қабул комиссияси аъзолари бошлиқ томонидан тегишли ихтисослик бўйича етакчи мутахассислар орасидан тайинланади.

Ихтисослик бўйича имтиҳонларни топширишда қабул комиссияси таркибида камида битта фан доктори ёки профессор бўлиши зарур, комиссиянинг қолган аъзолари фан номзодлари ёки фалсафа докторлари (PhD) бўлиши мумкин.


16. Таянч докторантурада ўқишга талабгорлар Академияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

ариза;

қисқача биографик маълумотнома;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

олий таълим муассасаси бакалавр ва магистратураси дипломи, олий маълумот (мутахассислик дастурлари бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;

миллий ёки тегишли халқаро сертификатнинг нусхаси;

нашр этилган илмий ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг нусхалари.


17. Докторантурага қуйидагиларга эга бўлганлар қабул қилинади:

юридик фанлар номзоди ёки юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ёхуд уларга тенглаштирилган хорижий давлатларда олинган илмий даражалар;

юридик фанлар номзоди ёки юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ёхуд уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар олгандан сўнг муҳим илмий ютуқларга эришиш, шу жумладан, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий журналларда чоп этилган камида учта илмий мақолага ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида камида иккита тезисга эга бўлиш.


18. Докторантурада ўқишга талабгорлар Академияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

ариза;

қисқача биографик маълумотнома;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

олий маълумот, юридик фанлар номзоди ёхуд юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда унга тенглаштирилган илмий даражага эга бўлганлиги тўғрисидаги диплом нусхаси;

тадқиқот мавзуси бўйича илмий маъруза ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган докторлик диссертацияси режасининг муфассал лойиҳаси;

нашр этилган илмий ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг нусхалари.


19. Чет тилини билиш тўғрисидаги миллий ёки тегишли халқаро сертификат қуйидаги тоифаларда қабул қилинади:

IELTS - ўртача балли камида 5,5;

TOEFL (РВТ) - 567 баллдан кам бўлмаган;

TOEFL (iBT) - 87 баллдан кам бўлмаган;

CEFR - В2 даражадан паст бўлмаган;

чет тилида малака имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги гувоҳнома - камида 60 балл, берилган кунидан бошлаб беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатда амал қилади.

Кириш имтиҳонлари саволлари Академиянинг таркибий тармоқлари томонидан тузилади ва Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Докторантурага даъвогарлар қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган мутахассислик бўйича имтиҳон (таянч докторантура учун) ва суҳбатдан (докторантура учун) ўтадилар.


20. Таянч докторантурага кириш имтиҳонлари ва докторантурага кириш учун суҳбат ҳар йили 1-25 ноябрь кунлари оралиғида ўтказилади.


21. Таянч докторантурага ва докторантурага кирувчи талабгорларнинг кириш имтиҳонлари, суҳбат натижаларидан ва ажратилган қабул квотасидан келиб чиқиб, қабул комиссияси томонидан 30 ноябргача бўлган муддатда қабул қилинганлардан танланади.

Бир неча талабгорларнинг таянч докторантурага ва докторантурага кириш имтиҳонлари ёки суҳбат натижалари бўйича улар томонидан тўпланган якуний баллари тенг бўлган тақдирда қуйидаги талабгорларга устунлик берилади:

а) таянч докторантурага:

магистратурани аъло баҳолар билан тамомлаганлар;

муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар;

кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлганлар;

б) докторантурага:

5 йилдан ортиқ илмий-педагогик стажга эга бўлганлар;

муаллифлик гувоҳномалари ва патентга эга бўлганлар;

монография, талабгорнинг диссертация мавзуси бўйича тегишли илмий журналларда, шу жумладан хорижий журналларда чоп этилган сони бўйича (бошқа талабгорларга нисбатан) кўп миқдорда илмий мақолага эга бўлганлар;

диссертация тадқиқоти ҳажмининг 50 фоиздан кўп қисмини бажарганлар.


22. Қабул комиссияси таянч докторантура ва докторантурада таълим олувчиларнинг кириш имтиҳонлари ва ўтказилган суҳбат натижаларини мажлис баённомаси билан расмийлаштиради ва беш кун муддатда Академия кенгашига тасдиқлаш учун киритади.

Академия бошлиғининг буйруғи билан бир вақтнинг ўзида таянч докторантура ва докторантурага қабул қилинган шахсларнинг диссертациялари мавзулари, шунингдек улар бириктирилган таркибий тармоқлар тасдиқланади.

Қабул комиссияси кириш имтиҳонлари ва суҳбат жараёнларини видео кузатув остида (онлайн трансляция) ўтказиш чораларини кўради.


23. Таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш Академия бошлиғи буйруғи билан ҳар йили 5 декабргача амалга оширилади. Бунда таянч докторантура ва докторантурада таълим олиш кейинги йилнинг 1 январидан бошланади.

Ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда илмий раҳбарлар ва илмий консультантлар (консультант бўлган тақдирда) ҳам белгиланади.


24. Таянч докторантура ва (ёки) докторантурада ўқишга қабул қилинганлар, уларнинг тасдиқланган мавзулари, илмий раҳбарлари ва илмий консультантлари (консультантлар тайинланган ҳолатларда) тўғрисидаги маълумот Академия томонидан ҳар йили 15 декабргача Ягона электрон тизимга киритилади.


25. Докторантлар диссертацияларининг тасдиқланган мавзулари, илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи тўғрисидаги маълумотлар (маслаҳатчи тайинланганда) Ягона электрон тизимига киритилиши, шунингдек ОАКнинг Бюллетенида эълон қилиниши лозим.


26. Докторант илмий раҳбар ва консультант (консультант тайинланган ҳолатларда) билан биргаликда якка тартибдаги режасини ишлаб чиқади. Якка тартибдаги режа таянч докторантурага ёки докторантурага ўқишга қабул қилингандан кейин бир ойда Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланади.


27. Илмий раҳбар докторант учун ихтисослик бўйича назарий-методологик дастур ишлаб чиқади. Назарий-методологик дастур таянч докторантурага ўқишга қабул қилингандан бошлаб бир ой муддат ичида Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.

Назарий-методологик дастур методологиянинг умумий концепцияси ва масалаларини, мазкур ихтисослик бўйича назарий асосларни ва илмий тадқиқот усулларини ўз ичига олади. Назарий-методологик дастур таянч докторант томонидан ўқишнинг биринчи йили мобайнида илмий раҳбарнинг ёрдамида ўзлаштирилади.


28. Ўқишга қабул қилинган шахсларга, шу кундан бошлаб стипендия умумий белгиланган миқдор ва тартибда тўланади.


29. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш бўйича тасдиқланган квоталарини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар параметрларида белгиланган тартибда Академиянинг тегишли соҳаларига зарур маблағлар ажратишни назарда тутади.


30. Тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, таянч докторантура ва докторантурада ўқиш муддати узоқ вақт касал бўлиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш даврига, шунингдек ҳарбий йиғинларга чақирилиш муносабати билан икки йил муддатгача узайтирилиши мумкин.


31. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига изланувчилар докторлик диссертацияларини Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган давлат таълим талабларига мувофиқ малакавий имтиҳонларни топширганларидан кейин ҳимоя қилишга қўйиладилар.


32. Академияда илмий раҳбарлар ва консультантларнинг докторантлар билан меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ойда ўқув машғулотлари ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар бир докторант учун бир йилда 100 соат ҳисобида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган, шунингдек, тўлов-контракт асосида қабул қилинган докторантларнинг илмий раҳбарлари ва консультантларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ўқитиш учун келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


33. Таянч докторантура ва докторантурада ўқиш муддати уч йилни ташкил этади, бу вақт докторантларнинг умумий иш стажига қўшилади.


34. Олий таълимдан кейинги таълимни тугатганлар таянч докторантура ёки докторантурага қайта қабул қилинмайди.



3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ

ТАЪЛИМНИ МУСТАҚИЛ ИЗЛАНУВЧИЛИК

ШАКЛИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

             

35. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун мустақил изланувчиликка қуйидагиларга эга шахслар расмийлаштирилади:

бакалавр ва магистр дипломлари (фақат юридик соҳа бўйича) ёки олий маълумот тўғрисидаги (ихтисослик бўйича) дипломга эга бўлганлар;

белгиланган илмий мақолаларига эга бўлганлар, шу жумладан, илмий журналда чоп этилган камида битта илмий мақола ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотининг асосини ташкил этиши мумкин бўлган тегишли илмий соҳалардаги илмий ишлар тўпламларида камида иккита тезис.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси мустақил изланувчиликка ўқишга қабул қилиш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.


36. Фан доктори (DSc) илмий даражаси учун мустақил изланувчиликка юридик фанлари номзоди ёки юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ёхуд уларга тенглаштирилган хорижий мамлакатларда олинган дипломга эга бўлган, белгиланган тартибда талабларга мувофиқ илмий даража олганидан сўнг салмоқли илмий ютуқларга эришган шахслар расмийлаштирилади.

Фанлари номзоди ёки фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) юридик фан соҳасига мос келмаганда ёки олий таълимдан кейинги таълимда фаннинг турдош соҳалари бўйича олиш режалаштирилганда талабгорлар юридик соҳа бўйича бакалавр дипломига эга бўлиши лозим ва ушбу низомнинг 6-бандига мувофиқ расмийлаштирилади.


37. Академия талабгорларнинг мустақил изланувчиликка ҳужжатларини қабул қилиш йил давомида амалга оширилади.


38. Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан Академияга Ягона электрон тизим орқали мурожаат қилади:

ариза;

қисқача биографик маълумотнома;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) нусхаси;

фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун бакалавр ва магистрлик ёхуд олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;

фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун юридик фанлар номзоди ёки юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;

иш жойидан тавсифнома.


39. Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш ҳар чоракнинг учинчи ойигача бўлган муддатда ихтисослик бўйича суҳбат натижалари ва Академиядаги қабул комиссиясининг тегишли хулосаси бўйича амалга оширилади.


40. Талабгорлар Академия бошлиғининг ҳар чоракда 5 март, 5 июнь, 5 сентябрь ва 5 декабрга қадар эълон қилинадиган буйруғи билан мустақил изланувчиликка расмийлаштириладилар. Буйруқда, шунингдек, мустақил изланувчиларнинг илмий раҳбарлари ва илмий консультантлари (консультант бўлган тақдирда) белгиланади.


41. Мустақил изланувчиликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ Академия бошлиғи томонидан қабул қилинганидан сўнг 5 кун давомида Ягона электрон тизимга киритилади.


42. Мустақил изланувчилар диссертацияларининг тасдиқланган мавзулари ҳамда илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи тўғрисидаги маълумотлар (маслаҳатчи тайинланганда) Ягона электрон тизимига киритилиши, шунингдек ОАКнинг Бюллетенида эълон қилиниши лозим.


43. Мустақил изланувчилар расмийлаштирилганларидан сўнг бир ой муддатда илмий раҳбар ёки консультант (консультант бўлган тақдирда) билан келишган ҳолда якка тартибдаги режаларини Академияда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этадилар.

Мустақил изланувчи якка тартибдаги режасини қабул қилинганидан сўнг 5 кун давомида Ягона электрон тизимга киритади.


44. Амалдаги барча талабларни бажарган ва диссертациясини ОАК талабларига мувофиқ равишда расмийлаштирган мустақил изланувчилар диссертация ҳимоясига қўйилади.


45. Академияда илмий раҳбарлар ва консультантларнинг мустақил изланувчилар билан олиб борадиган иши учун ҳақ меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ўқув машғулотлари олиб борилгани учун ҳар бир изланувчи ҳисобига бир йилда 50 соат ҳисобидан ҳар ойда тўланади.

Академияда илмий раҳбар ёки консультант муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобдан ойлик маош олаётган бўлса, мустақил изланувчилар билан ишлаш унинг умумий ўқув юкламаси ҳажмига киритилиши мумкин.

Илмий раҳбарлар ва консультантларнинг хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган мустақил изланувчилар билан меҳнатига ҳақ тўлаш ўқиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


46. Бир неча илмий ташкилот ёки таълим муассасасида бир вақтнинг ўзида мустақил изланувчиликка йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ

ТАЪЛИМНИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ

АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

            

47. Олий таълимдан кейинги таълимнинг ортиқча квотасига докторант, таянч докторант ҳамда чет эл фуқароси бўлган докторант ва мустақил изланувчиларни қабул қилиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади.

Бепул асосда қабул қилинган изланувчиларнинг қабул квотаси ҳар чоракда Академия кенгаши қарори билан юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни, Академия талабалар контингентининг мавжудлигини таҳлил қилиш асосида тасдиқланади,

белгиланган тартибда докторантлар ва мустақил изланувчиларнинг илмий раҳбарлари ва илмий маслаҳатчиларининг самарадорлиги белгиланади.

Квота бўйича қабул қилинган докторант, таянч докторант ҳамда чет эл фуқароси бўлган докторант ва мустақил изланувчилар ўқишга қабул қилингандан сўнг уч йил мобайнида докторлик диссертациясини ҳимоя қилишлари шарт. Уч йилдан сўнг ушбу изланувчилар автоматик равишда тўлов-контракт асосидаги таълимга ўтадилар.

48. Хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилиш ва ўқитиш қонунчилик ва (ёки) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ олий таълимдан кейинги таълимга қабул квоталаридан ташқари тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга киришга ва таълим олишга ҳақлидир.


49. Академияда тўлов-контракт асосида ўқиш ставкалари ҳар йили Академиянинг Мувофиқлаштирувчи васийлик кенгаши томонидан белгиланади.


50. Олий таълимдан кейинги таълимни тўлов-контракт асосида тақдим этишда тўлов миқдори, бошқа нарсалар қатори, илмий раҳбарлар ва маслаҳатчилар, оппонентлар, шунингдек илмий семинар ва илмий кенгаш аъзоларининг тадқиқотлар ва экспериментлар ўтказиш билан боғлиқ харажатларни инобатга оладиган ҳақ миқдори билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олади.

Академиянинг бюджетдан ташқари жамғармасидан қўшимча тўловлар миқдори илмий раҳбар ва маслаҳатчилар, оппонентлар, тақризчилар, шунингдек илмий семинар ва илмий кенгаш аъзоларининг иш ҳақига ҳар йили Академиянинг кенгаш томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ИЗЛАНУВЧИЛАР ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИНГ МОНИТОРИНГИ

          

51. Академия Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тадқиқотчиларнинг фаолияти самарадорлигини назорат қилади.


52. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилади:

а) ўқишнинг биринчи йилида:

диссертация мавзуси бўйича тасдиқланган якка тартибдаги режанинг мавжудлиги ва унинг бажарилиши;

ихтисослик бўйича тасдиқланган назарий-методологик дастурнинг мавжудлиги ва унинг бажарилиши (докторантлар учун);

тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича камида битта илмий мақоланинг чоп этилганлиги;

илмий конференцияда диссертация мавзуси бўйича маъруза билан иштирок этганлиги;

диссертация мавзуси бўйича таҳлилий умумлаштирувчи қисқача маълумотнинг мавжудлиги;

Академия семинарида диссертация мавзусига доир таҳлилий умумлаштирувчи қисқача маълумот натижалари бўйича (илмий раҳбар билан биргаликда) маъруза қилганлиги;

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилганлиги;

б) ўқишнинг иккинчи йилида:

тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида битта илмий мақоланинг мавжудлиги;

диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида илмий конференция материалларида камида битта чоп этилган маъруза тезисининг мавжудлиги;

тегишли хорижий журналда диссертация мавзуси бўйича камида битта чоп этилган илмий мақола мавжудлиги;

Академия таркибий тармоқлари илмий семинарида диссертация ишининг дастлабки натижалари бўйича (мустақил) маъруза билан иштирок этганлиги;

диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режасининг бажарилиши бўйича ҳисобот берганлиги;

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилинганлиги;

в) ўқишнинг учинчи йилида:

журналларда, шу жумладан хорижий журналларда сони белгиланган талабларга мувофиқ чоп этилган илмий мақолалари мавжудлиги;

ОАК талабларига мувофиқ тайёрланган тугалланган диссертация иши, авторефератининг мавжудлиги;

Академия таркибий тармоқлари мажлисларида диссертация ва авторефератининг кўриб чиқилганлиги ва муҳокама қилинганлиги.

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилинганлиги.

53. Фан доктори (DSc) илмий даражаси учун изланувчилар фаолияти самарадорлигининг мониторинги қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилади:

а) ўқишнинг биринчи йилида:

диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режанинг мавжудлиги ва унинг бажарилганлиги;

диссертациянинг биринчи ва иккинчи боблари тайёрлиги;

диссертация мавзуси бўйича тегишли журналларда камида учта илмий мақола чоп этилганлиги;

диссертация мавзуси бўйича республика ва халқаро илмий конференциялар материалларида камида битта маъруза тезиси чоп этилганлиги;

диссертация мавзуси бўйича илмий конференция ёки семинарда маъруза қилганлиги;

диссертация мавзуси бўйича таҳлилий шарҳ;

диссертация мавзуси бўйича таҳлилий шарҳ натижалари бўйича семинарда сўзга чиққанлиги;

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилганлиги;

б) ўқишнинг иккинчи йилида:

диссертациянинг учинчи ва тўртинчи боблари тайёрлиги;

тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида тўртта илмий мақола эълон қилинганлиги (шу жумладан, биттаси хорижда);

диссертация мавзуси бўйича халқаро ва республика илмий конференциялар материалларида чоп этилган камида иккита маъруза тезисининг мавжудлиги;

диссертация ишининг дастлабки натижалари бўйича семинар ўтказганлиги;

конференция ёки семинарда маъруза билан қатнашиш (камида бир марта);

диссертация мавзуси бўйича якка тартибдаги режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот;

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилганлиги;

в) ўқишнинг учинчи йилида:

тегишли журналларда диссертация мавзуси бўйича ҳисобот даврида чоп этилган камида учта илмий мақола эълон қилинганлиги;

диссертация натижалари бўйича чоп этилган монографиянинг мавжудлиги;

Академиянинг ички тартиб қоидаларига риоя қилганлиги;

ОАК талабларига мувофиқ тайёрланган тугалланган диссертация иши ва авторефератнинг мавжудлиги;

диссертация ёки авторефератни Академия таркибий тармоқларида кўриб чиқилганлиги ва муҳокама этилганлиги.


54. Мониторинг натижалари Академия кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Якка тартибдаги режаларини бажармаган изланувчиларга нисбатан тегишли қарорлар қабул қилинади.

Якка тартибдаги режаларини бажармаган докторантлар Академия бошлиғи буйруғи билан таянч докторантура ёки докторантурадан четлатилади ва ўқишга қайта тикланмайди.

Докторантурадан мониторинг натижалари бўйича четлатилган ёки диссертациясини муддатида ҳимоя қилмаган шахслар диссертациясини тугатиш ва ҳимоя қилиш даврида мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилиши мумкин. Академиянинг ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун ўқишдан четлатилган шахслар ўқишга тикланмайди.

Шахсий режаларни бажармаган мустақил изланувчилар Академия бошлиғининг буйруғи билан мустақил изланувчилар сафидан четлаштирилади.

Шахсий режаларни бажармаганлиги сабабли четлаштирилган мустақил изланувчилар фақат тўлов-контракт асосида тикланиши мумкин.

Якка тартибдаги режаларини бажармаган мустақил изланувчиларнинг илмий раҳбарлари ва консультантларига нисбатан Академия кенгаши қарори билан раҳбарлик ва маслаҳат учун тўланадиган ҳақ тўхтатилади.


55. Мунтазам равишда (қаторасига икки марта ва ундан кўп) изланувчиларнинг диссертацияларини ўз вақтида ҳимоя қилишни таъминламаган илмий раҳбарлар ва консультантлар Академия кенгаши қарори билан уч йилгача бўлган даврга илмий раҳбарлик ёки консультантликдан четлатилиши мумкин.


56. Академия кенгаши тавсияси бўйича изланувчиларнинг якка тартибдаги режаларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Илмий раҳбарлар ва илмий консультантлар фаолиятининг самарадорлигини назорат қилиш Академия кенгаши томонидан амалга оширилади.


57. Таянч докторантура ёки докторантурадан четлатиш учун қуйидаги асослар ҳисобланади:

ўз аризасига мувофиқ;

саломатлик туфайли;

шахсий режаларни бажармаслик;

Академия ички тартиб-қоидаларини тизимли (уч ёки ундан ортиқ) бузиш;

суд қарори билан озодликдан маҳрум қилиш;

ҳисоботларни муддатида тақдим этмаганлик;

диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя қилиш талабини бузиш.

58. Мустақил изланувчини четлаштириш учун қуйидаги асослар ҳисобланади:

ўз аризасига мувофиқ;

шахсий режаларни бажармаслик;

ҳисоботларни муддатида тақдим этмаганлик;

тўлов-контракт тўламаслиги.


59. Таянч докторантура ёки докторантурадан четлатилган шахслар бир ой ичида уларга тўланган стипендиянинг тўлиқ миқдорини қоплашлари шарт. Соғлиғи ёки бошқа узрли сабабларга кўра ўқишни тўхтатишга мажбур бўлган шахслар Академия кенгаши қарори билан уларга тўланган стипендия миқдорини қопламайди.

Академия кенгаши қарори билан пулни қайтариш муддати уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Белгиланган муддат тугагандан сўнг, қарз суммаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан суд тартибида ундирилади.



6-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ

ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДАГИ ҲУЖЖАТЛАР

            

60. Қонунчиликда назарда тутилган олий таълимдан кейинги таълим талабларини бажарган ва белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган шахсларга ўрнатилган тартибда давлат намунасидаги тегишли фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) дипломи берилади.

          

             




Низомга

1-ИЛОВА



Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси таянч

докторантура ҳамда докторантура босқичига

ўқишга қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

            

     

Босқичлар

        


      

Масъуллар

     


      

Ўтказиладиган тадбирлар

      


      

Бажариш муддатлари

       








































1-босқич


         

Ҳуқуқни муҳофаза

қилиш академияси

(Академия)

        


Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида қабул тўғрисида эълон бериш.


Ҳар йили

1 сентябрга

қадар








































2-босқич


Академия


Тегишли ҳужжатларни олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими орқали қабул қилиш.


      

Ҳар йили

15 сентябрдан

15 октябрга

қадар

       








































3-босқич


Академия


Таянч докторантурага кириш имтиҳонларини ҳамда докторантурага кириш суҳбатини ўтказиш.


     

Ҳар йили

1 ноябрдан

25 ноябрга

қадар

       








































4-босқич


Академия


Қабул комиссияси томонидан номзодлар орасидан кириш имтиҳонлари ҳамда суҳбатдан муваффақиятли ўтганларни танлаб олиш.


       

Ҳар йили

30 ноябрга

қадар

     








































5-босқич


Академия


Кириш имтиҳонлари ҳамда суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида Академия бошлиғининг буйруғини қабул қилиш.


         

Ҳар йили

5 декабрга

қадар

           




         

         




Низомга

2-ИЛОВА



Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига

мустақил изланувчиликка ўқишга қабул

қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

           

      

Босқичлар

        


       

Масъуллар

       


        

Ўтказиладиган тадбирлар

   


        

Бажариш

муддатлари

      








































1-босқич


     

Ҳуқуқни муҳофаза

қилиш академияси

(Академия)

         


Академиянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида қабул тўғрисида эълон бериш.


         

Ҳар чоракда биринчи ойнинг

15 санасидан кейинги ойнинг

15 санасига қадар

        








































2-босқич


Академия


          

Тегишли ҳужжатларни олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими орқали қабул қилиш.



Ҳар чорак

1 ой давомида








































3-босқич


Академия


     

Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш мақсадида кириш суҳбатини ўтказиш.

            


Ҳар чоракнинг

сўнгги ойига қадар








































4-босқич


Академия


Кириш суҳбатидан муваффақиятли ўтган номзодларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида Академия бошлиғининг тегишли буйруғини қабул қилиш.


         

Ҳар йили чоракнинг

5 март,

5 июнь,

5 сентябрь,

5 декабрь

саналарига

қадар

         




          

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 апрель




































































Время: 0.0330
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск