Умная подшивка
2022 й. / СБХ, 5 /Божхона
ТАШҚИ САВДО: БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ
ИСЛОҲОТИ
Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлардан божхона тўловларини ундириш божхона органларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бугунги кунда божхона соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан божхона тартиботларини соддалаштириш, уларни халқаро норма ва талаблар ҳамда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари асосида такомиллаштириш мамлакат ташқи савдосини ривожлантиришни ҳам тақозо этмоқда.
Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда божхона хизматини ислоҳ этиш жараёнларида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулайликлар яратиш, айниқса божхона тўловларини қўллашни либераллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Хўш, божхона тўловлари ўзи нима? Божхона тўловлари - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товар-моддий бойликлар учун давлат бюджетига ундириладиган тўлов. Божхона тўловлари ҳар бир давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ турлича бўлиши мумкин.
Маълумки, мамлакатимизда давлат бюджетининг даромадлар қисмида божхона тўловларининг улуши йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда 16-18 фоизни ташкил этган бўлса, охирги йилда 25 фоиздан ошган. Ўзбекистон Республикасида 2020 йилда жами божхона тўловлари таркибида: қўшилган қиймат солиғи 79,8 фоизни, импорт божхона божи 14,3 фоизни, акциз солиғи 3,7 фоизни, бошқа тўловлар 2,2 фоизни ташкил этган. 2020 йилда божхона тўловларидан берилган имтиёзлар давлат бюджетига ўтказилган маблағлар ҳажмидан 1,6 мартага кўп бўлганлигини кўрсатмоқда. Жами ҳисобланган божхона тўловлари таркибида имтиёзлар камайган.
Божхона божи ва акциз солиғи ставкалари ўртасидаги фарқ дастлаб жуда катта эди. Фақатгина ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, импорт операцияларини тартибга солишни такомиллаштириш, қолаверса, Жаҳон савдо ташкилотининг талаби ва унга аъзо давлатларнинг тариф ставкаларини ўзгартириб бориш тажрибасидан келиб чиқиб, бизда ҳам бу ставкалар пасайди ва пировардида юқорида келтирилган ставкалар ўртасидаги фарқ ҳам камайди. Мамлакатимизда жами ундириладиган божхона тўловларининг таркибида олиб кирилаётган товарлардан ундириладиган божхона тўловлари 98 фоизни, унда солиқлар эса 88-90 фоизни ташкил этади.
Сўнгги йилларда божхона тўловларини мақбуллаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг айримларини қуйида келтириб ўтамиз.
Қўшилган қиймат солиғи ставкасини мақбуллаштириш. Президентимизнинг 2019 йил 26 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоизга пасайтирилди.
Акциз солиғи ставкасини мақбуллаштириш. Акциз солиғи ставкасини пасайтириш бўйича ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилди: 2021 йилдан бошлаб 73 турдаги товарларга акциз солиғи бекор қилинди. Бу ҳам тадбиркорликни ривожлантиришга ва кенгайтиришга кўмаклашувчи омиллардан бири бўлди десак адашмаган бўламиз. Ҳозирги кунда атиги 4 турдаги товарга нисбатан акциз солиғи ставкаси қўлланилмоқда.
Импорт божхона божи ставкасини мақбуллаштириш
...