ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 25.05.2000 й. 69-II-сон "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири, ЎзР 02.05.2012 й. ЎРҚ-328-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.05.2000 й.

N 69-II



ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ

ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари


Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.



2-модда. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг

кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Нотижорат ташкилотларга нисбатан ушбу Қонун улар фаолиятининг ўз хусусиятига кўра тадбиркорликдан иборат бўлган қисмига татбиқ этилади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари ва ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ муносабатлар чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги қонунчилик билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Тадбиркорлик фаолияти тушунчаси

Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.



4-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Давлат органлари (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.


5-модда. Кичик тадбиркорлик субъектлари


Кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилардир:

1) якка тартибдаги тадбиркорлар;

2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан ўн киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан беш киши бўлган микрофирмалар;

3) қуйидаги тармоқлардаги:

қонунчиликда назарда тутилган енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан икки юз киши;

металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан юз киши;

машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан эллик киши;

фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма беш киши бўлган кичик корхоналар.

Кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сони қонунчиликда назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий характердаги бошқа шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади.

Фаолиятнинг бир неча турини амалга оширувчи (кўп тармоқли) юридик ва жисмоний шахслар йиллик айланма ҳажмида улуши энг кўп бўлган фаолият тури мезонлари бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига киради.

Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.

Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрини шакллантириш ҳамда доимий равишда янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Микрофирма ва кичик корхона ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сонини ошириб юборган тақдирда, ходимлар сонини ошириб юборишга йўл қўйилган давр учун улар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлардан маҳрум этилади. Ушбу қоида қуйидаги ҳолларда татбиқ этилмайди:

микрофирма ва кичик корхона Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, банд бўлган ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сони кўпи билан 50 фоиз ошадиган бўлса. Ходимлар сонининг оширилишига Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб кўпи билан уч йил ўтган бўлса, йўл қўйилади;

кичик корхона уйда ишлаётган фуқаролар (касаначилар) билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, банд бўлган ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сони кўпи билан 30 фоиз ошадиган бўлса.


6-модда. Якка тартибдаги тадбиркорлик


Якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир.

Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимларни ёллашга ҳақли.

Ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар тайёрлаш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун шогирдларни уларга тегишлича ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақлидир.

Якка тартибдаги тадбиркор ўз номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади ҳамда амалга оширади. Жисмоний шахс ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ битимлар тузаётганида, якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳаракат қилаётганлигини, агар бу битимларни тузиш вазиятининг ўзидан аниқ англашилмаса, кўрсатиши керак. Бундай эслатманинг мавжуд эмаслиги якка тартибдаги тадбиркорни ўз мажбуриятлари бўйича зиммасидаги жавобгарликдан озод этмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошираётганда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли, уларнинг матнлари мазкур шахс якка тартибдаги тадбиркор эканлиги ҳақида далолат бериши лозим.

Якка тартибдаги тадбиркорликни амалга ошириш учун эр-хотиндан бири эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мол-мулкидан фойдаланадиган ҳолларда, агар қонунда, никоҳ шартномасида ёхуд эр-хотин ўртасидаги ўзга келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, эрнинг (хотиннинг) розилиги талаб қилинади.


7-модда. Жисмоний шахсларнинг юридик шахс ташкил

этмаган ҳолда биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти


Жисмоний шахслар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини оилавий тадбиркорлик, оддий ширкат ва деҳқон хўжалиги шаклларида амалга ошириши мумкин.

Жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтганидан кейингина биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлиши мумкин.

Оилавий тадбиркорликнинг амалга оширилиши, оддий ширкат ва деҳқон хўжалиги тузилиши, фаолият кўрсатиши ҳамда фаолиятининг тугатилиши билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик билан тартибга солинади.


8-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари:

қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга, суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари бундан мустасно;

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9-модда. Тадбиркорлик фаолияти

субъектларининг мажбуриятлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари:

ўзлари тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;

меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахсларнинг меҳнат ҳақини қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгилаши, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши, шунингдек иш берувчи сифатида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик техникаси, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

реализация қилинадиган маҳсулот ва хизматлар учун сертификатларга эга бўлиши;

жойлашган ери (почта манзили) ва бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида тегишли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиши;

бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисобини қонунчилик талабларига мувофиқ юритиши;

ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли давлат органларига белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этиши шарт.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


10-модда. Тадбиркорлик фаолияти

субъектларининг бирлашмалари


Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар бўлган уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик билан тартибга солинади.


11-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъекти

ҳуқуқларининг устуворлиги

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.


12-модда. Инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги

Тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда афзалликлар олишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўлган рақобатчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.


2-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ АСОСЛАРИ


13-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларини

давлат рўйхатидан ўтказиш


Тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тегишли давлат органи томонидан "бир дарча" принципи бўйича ва қоида тариқасида, хабардор қилиш асосида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказувчи органлар ариза берувчини тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни уни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки унга қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча талабларни белгилашга ҳақли эмас.

Ариза берувчини тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини бузганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек мазкур орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан қонунга хилоф деб топилган тақдирда, улар ариза берувчига рўйхатдан ўтказишни рад этганлик ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ва маънавий зарар учун компенсация тўлайди.



14-модда. Тадбиркорлик фаолиятининг

айрим турларини лицензиялаш


Тадбиркорлик фаолиятининг лицензияланиши лозим бўлган турлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


15-модда. Тадбиркорлик фаолиятининг мулкий асоси


Тадбиркорлик фаолияти тадбиркорлик субъектларининг ўз мол-мулки ва (ёки) жалб этилган мол-мулк асосида амалга оширилиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига асос ва восита бўлган мол-мулк, шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳуқуқларнинг белгиланиши, ўзгартирилиши ва бекор бўлиши билан боғлиқ олди-сотди, гаров, ижара ва бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин.


16-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларини

кредитлаш ва суғурта қилиш


Тадбиркорлик фаолияти субъектларини кредитлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектига кредитлар берилаётганда банклар, бошқа кредит ёки суғурта ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин. Тўловга қобилиятли юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликда белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида ўз мол-мулкидан, шу жумладан, ашёлари ва мулкий ҳуқуқларидан, қонунда белғиланган ҳоллар бундан мустасно, шунингдек ўзи олган кредитни тўлай олмаслик хавфини суғурта қилиш полисидан фойдаланиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда имтиёзли кредитланиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларини суғурта қилиш қонунчиликда ва шартномада белгиланган тартибда суғурта ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


17-модда. Ҳисоб ва ҳисобот


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳисоб ва ҳисоботни қонунчиликка мувофиқ юритади. Ҳисобот тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тайёрланиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилишини дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тарқатиш орқали рағбатлантиради.

Кичик тадбиркорлик субъектлари фақат давлат статистика органлари ва давлат солиқ хизмати органларига, якка тартибдаги тадбиркорлар эса, давлат солиқ хизмати органларига белгиланган шаклларда ҳисобот тақдим этади.

Давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари учун қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турларини белгилаши ман этилади.


3-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ СУБЪЕКТЛАРИ

ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


18-модда. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг

конституциявий кафолатлари


Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари қатори дахлсиздир ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиши, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, кафолатланади. Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.


18-1-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун ноқулай

бўлган қонунчиликдаги ўзгартишлардан кафолатлар

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қонунчилик ҳужжатларида уларнинг (ёки улар қисмларининг) кучга кириш муддати кўрсатилиши керак.


19-модда. Тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда

ман этилмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш

эркинлиги кафолатлари

Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда ман этилмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг муассислари таъсис ҳужжатларида фаолиятнинг фақат асосий турларини санаб ўтишга ҳақли. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган фаолият тури билан ҳам шуғулланиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


20-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ўз товарлари

(ишлари, хизматлари) ва даромадларини (фойдасини)

тасарруф этиш эркинлиги кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўзлари ишлаб чиқарадиган товарларнинг (бажарадиган ишларнинг, кўрсатадиган хизматларнинг) ва уларни реализация қилишдан олинган даромадларнинг (фойданинг) мулкдоридир.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) ўз хоҳишига кўра тасарруф этади, бундан суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари мустасно.



21-модда. Пул маблағларини тасарруф этиш кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз пул маблағларини мустақил равишда тасарруф этади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банк ҳисобварағида (ҳисобварақда) мавжуд бўлган пул маблағларидан, ҳисобвараққа талаблар қўйилганда маблағларнинг мавжуд бўлишини ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ушбу маблағларни ҳисобварақда турган суммалар доирасида монеликсиз тасарруф этиш ҳуқуқини кафолатлаган ҳолда фойдаланиши мумкин.

Агар қонунда ёки шартномада бошқача муддатлар назарда тутилган бўлмаса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан мазкур ҳисобвараққа киритиб қўйиши, тадбиркорлик фаолияти субъектининг топшириғига кўра ҳисобварақдан пул маблағларини бериши ёки ўтказиши шарт. Ҳисобварақ бўйича операцияларнинг белгиланган муддатлари бузилган тақдирда, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектига қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлайди.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти ҳисобварақда турган пул маблағларидан фойдаланганлиги учун тадбиркорлик фаолияти субъектига фоизлар тўлайди, фоизларнинг суммаси унинг ҳисобварағига киритиб қўйилади.

Давлат органлари, банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг пул маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаб бериш ва назорат қилишга ҳамда пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига нисбатан қонунда ёки шартномада назарда тутилмаган бошқа чекловлар белгилашга ҳақли эмас.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг уларга хизмат кўрсатаётган банклардаги ҳисобварақларида турган маблағлари қонунчиликда белгиланган тартибда нақд пул маблағлари тарзида олиниши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банк ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлиги ҳақида маълумот талаб қилиб олиш, шунингдек бундай маълумотларнинг банклар томонидан тақдим этилиши тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


22-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг

ташқи иқтисодий фаолият эркинлиги кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонунчиликка мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни мустақил амалга оширади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги валюта ҳисобварақларини очиш ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Товарлар импорт қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун уларнинг ташқи иқтисодий алоқалар иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги ҳам ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга асос бўлади.



23-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулк

ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлари кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъектининг ўз мулкдорлик ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига путур етказмаслиги керак. Тадбиркорлик фаолияти субъекти қонунда назарда тутилган ҳолларда, шартларда ва доирада бошқа шахслар унинг мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйиши шарт.

Тадбиркорлик фаолияти субъектидан мулкни олиб қўйишга, унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек уларни чеклашга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигида бўлган ўз мол-мулкини талаб қилиб олишга, шунингдек ўз мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилиши, гарчи бундай ҳуқуқбузарлик эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этилишини талаб қилишга ҳақли.

Мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонунчилик ҳужжати қабул қилинган тақдирда, ушбу ҳужжатни қабул қилиш натижасида мол-мулкнинг мулкдори бўлган тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, мол-мулкнинг қиймати давлат томонидан қопланади. Зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар суд томонидан ҳал қилинади. Мулк ҳуқуқи бекор қилинганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати, агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, мулк ҳуқуқи бекор қилинган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ашёвий ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган тартибда ҳимоя қилинади.


24-модда. Фермер хўжаликлари томонидан ер

участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари


Ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга очиқ танлов асосида ижарага берилади.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланади.

Ер участкасининг ўлчамлари ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Ер участкасининг ижара шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Фермер хўжаликлари билан тузилган ер участкаларининг ижара шартномаларини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари қонунчиликда белгиланади.

Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, уни юритиш учун берилган ер участкасининг ижара шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши керак.


25-модда. Деҳқон хўжаликлари томонидан ер

участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари


Деҳқон хўжалигининг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда белгиланади.

Деҳқон хўжалигига берилган ер участкаси бўлиниши мумкин эмас.

Ер участкасининг ўлчамлари ва чегаралари фақат деҳқон хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигининг ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат қонунда назарда тутилган компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин йўл қўйилади.


26-модда. Тадбиркорлик субъектларининг қимматли

қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар

бозорларига эркин кириш кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин киришда, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун товарларнинг айрим турларини етказиб беришда қатнашишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда тенг имкониятларга эга. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирон-бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди.

Давлат органлари давлат эҳтиёжлари учун товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) ва етказиб беришга доир буюртмаларни тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида жойлаштириш чораларини кўради. Давлат харидлари бўйича танловлар ўтказишда бошқа тенг шароитларда кичик тадбиркорлик субъектларига афзаллик берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, айрим товарлар ва хизматлар бозорларига киришига доир бошқа алоҳида шартлар белгиланиши мумкин.


27-модда. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг

моддий-техника ресурсларидан, уруғлик материаллардан,

кўчатлардан ва зотдор чорвадан эркин фойдаланиш кафолатлари


Фермер ва деҳқон хўжаликлари моддий-техника ресурслари, шу жумладан, ёнилғи-мойлаш материаллари, омихта ем, органик ва минерал ўғитлар бозорларига эркин киришда бошқа тадбиркорлик субъектлари билан тенг ҳуқуқларга эга.

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фермер ва деҳқон хўжаликларининг уруғлик материалларга, кўчатларга, қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситаларига, зотдор чорвага бўлган эҳтиёжларини таъминлаш борасида шароитлар яратади.


28-модда. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг

сув истеъмолини амалга ошириш кафолатлари


Фермер ва деҳқон хўжаликлари сув истеъмолини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган сув объектларидан ҳар йилги сув олиш лимитлари асосида бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тенг ҳуқуқларда амалга оширади.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари учун сув объектларидан сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно.

Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув истеъмоли ҳуқуқини давлат органлари томонидан чеклашга фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.


29-модда. Тадбиркорлик субъектларининг кредит

ресурсларидан фойдаланиш кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари кредит ресурсларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга.

Бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан тадбиркорлик фаолиятининг устувор йўналишларини ривожлантиришга, шу жумладан, кичик тадбиркорлик субъектларининг, фермер ва деҳқон хўжаликларининг дастлабки (бошланғич) капиталини шакллантиришга ажратиладиган кредитлардан фойдаланганлик учун давлат томонидан имтиёзли фоиз ставкалари белгиланиши мумкин.

Давлат тадбиркорлик фаолияти субъектларини имтиёзли кредитлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи банклар ва бошқа кредит ташкилотларига қулай шароитлар яратиши мумкин.

Банклар кичик тадбиркорлик субъектларига кредит беришда кредитнинг умумий суммасида қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.



30-модда. Тадбиркорлик субъектларининг

ахборотдан фойдаланиш кафолатлари


Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларига мазкур субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қонунчилик ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт. Ахборотдан фойдаланиш қонунчилик ҳужжатларини ва тегишли материалларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш ва тарқатиш йўли билан таъминланади.

Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган, тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган, уларнинг расмий веб-сайтларида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг талабларини бузганлик учун тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот бепул тақдим этилади, бошқа ахборотни тақдим этганлик учун эса белгиланган тартибда ҳақ ундирилиши мумкин.

Давлат статистика органлари ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган статистика ахбороти мунтазам эълон қилиб борилишини таъминлайди.

Тадбиркорлик субъектларига янги корхоналар қуриш учун берилаётган ер участкаларининг, шунингдек реализация қилиш ҳамда ижарага бериш учун таклиф этилаётган қурилиши тугалланмаган объектларнинг, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва иншоотларнинг рўйхати тегишли давлат органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ўз расмий веб-сайтларида мунтазам равишда эълон қилиб борилиши таъминланади.



30-1-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларига

берилган имтиёзлар ва преференцияларни

қўллашнинг кафолатлари

Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари қонунчиликда берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ўз ваколатлари доирасида тушунтириши, шунингдек уларнинг қўлланилишини таъминлаши шарт.



31-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг

мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектлари давлат органларига ёки хўжалик бошқаруви органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг аризалари, таклифлари ва шикоятлари уларда қўйилган масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган давлат органига ёки хўжалик бошқаруви органига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Мурожаатларда юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг тўлиқ фирма номи, жойлашган ери (почта манзили) ёки жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи (манзили) кўрсатилиши, шунингдек аризанинг, таклифнинг ёки шикоятнинг моҳияти баён этилиши керак. Ёзма мурожаатлар юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ваколатли шахсининг имзоси билан ёки жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган мурожаатлари тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари албатта қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларга жавоб бермайдиган мурожаатлар бундан мустасно. Тадбиркорлик субъектларининг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларга жавоб бермайдиган мурожаатлари аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг таклифлари давлат органига ёки хўжалик бошқаруви органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, кўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклиф киритган тадбиркорлик фаолияти субъектига ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади. Аризалар ёки шикоятлар масалани моҳиятига кўра ҳал этиши шарт бўлган давлат органига ёки хўжалик бошқаруви органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиганлари эса, ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни талаб қилиб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи ёки хўжалик бошқаруви органи раҳбари томонидан истисно тариқасида кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин бўлиб, бу ҳақда ариза ёки шикоят берган тадбиркорлик фаолияти субъектига маълум қилинади.

Давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тадбиркорлик субъектларига давлат органларининг ёки хўжалик бошқаруви органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш имкониятини берувчи доимий равишда янгилаб бориладиган саҳифа яратилади.



32-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари

мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция

қилинмаслигининг кафолатлари


Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мол-мулки национализация ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мол-мулки реквизиция қилинмайди, бундан табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятдаги бошқа ҳолатлар мустасно бўлиб, бунда мулкдорга реквизиция қилинаётган мол-мулкнинг қиймати тўланади. Реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартларда давлат органлари томонидан қабул қилинади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.



33-модда. Фирма номидан, товар белгисидан (хизмат

кўрсатиш белгисидан) фойдаланиш кафолатлари


Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.

Таъсис ҳужжатларида кўрсатилган фирма номига бўлган ҳуқуқ тадбиркорлик фаолияти субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг илгари рўйхатдан ўтказилган фирма номи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки ўхшаш бўлган, тегишли тадбиркорлик субъектларини айнан бир деб ҳисоблашга олиб келиши мумкин бўлган фирма номи рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.

Товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) фойдаланиш ҳуқуқи унинг рўйхатдан ўтказилганлигига асосланиб берилади. Товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) юридик ёки жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Фирма номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) фойдаланиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишга бўлган мутлақ ҳуқуқ ушбу номнинг (белгининг) эгасига тегишли бўлади.

Фирма номи, товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) нашр этилганда, омма олдида ижро этилганда ёки улардан ўзгача тарзда фойдаланилганда фирма номининг, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) ўзига ҳам, уларнинг белгиларига ҳам бирор-бир ўзгартишлар киритишга фақат улар эгасининг розилиги билан йўл қўйилади.

Фирма номи, товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ фирма номининг, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) эгасига тегишлидир.

Фирма номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) фойдаланиш ҳуқуқи уларнинг эгаси томонидан бошқа шахсга қонунчиликка мувофиқ улар ўртасида тузилган лицензия шартномаси ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси асосида берилиши мумкин.


34-модда. Тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик кафолатлари


Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятида қонунчилик бузилганлигини аниқласа, улар ўз ваколатлари доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўриши мумкин. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.

Давлат органларига, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа ташкилотларга, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига:

битимлар тузиш, фойдани тақсимлаш, ижроия органи раҳбарини ва унинг аъзоларини сайлаш (тайинлаш) масалалари бўйича ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органлари ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босишни талаб қилиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш тўғрисида талаб қўйиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида қабул қилинган, зарар кўрилишига олиб келган қарорлар учун уларнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тақиқланади.

Давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг банклар фаолиятига, шу жумладан, банкларнинг филиаллари раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиши, банк маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиши тақиқланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг банклар кредит портфели ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш юзасидан банклар фаолиятига аралашиши тақиқланади.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан, ушбу хўжаликларнинг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас, давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган харидлар бундан мустасно.


4-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ


35-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектининг

ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш


Тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга, агар бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Агар тадбиркорлик фаолияти субъектининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, бу маълумотларга раддия айни шу оммавий ахборот воситаларида берилиши лозим. Агар бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда мавжуд бўлса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар тарқатилганда, бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.


36-модда. Интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш


Тадбиркорлик фаолияти субъектининг интеллектуал фаолиятнинг объектив ифодаланган натижаларига ҳамда уни индивидуаллаштириш воситаларига (фирма номи, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ҳоказога) бўлган мутлақ ҳуқуқи қонун билан муҳофаза этилади ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Мутлақ ҳуқуқлар объектлари бўлган интеллектуал фаолият натижаларидан ва индивидуаллаштириш воситаларидан учинчи шахслар фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан фойдаланиши мумкин.


37-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг тижорат

сирини ва ошкор этилмаган ахборотини муҳофаза қилиш


Тижорат сири бўлган, учинчи шахсларга маълум бўлмаган ахборот (ошкор этилмаган ахборот) учинчи шахсларга маълум бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлган, қонун йўли билан ундан эркин фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳамда ахборот эгаси унинг маҳфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган тақдирда, муҳофаза қилинади.

Ошкор этилмаган ахборотни ундан қонунга хилоф равишда фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқи ушбу ахборотга нисбатан бирон-бир расмиятчиликни бажаришдан (уни давлат рўйхатидан ўтказишдан, гувоҳномалар олишдан ва ҳоказодан) қатъи назар вужудга келади.

Ошкор этилмаган ахборотни муҳофаза қилиш қоидалари қонунга мувофиқ хизмат ёки тижорат сири бўла олмайдиган маълумотларга (юридик шахслар тўғрисидаги, мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳамда мол-мулк хусусида тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган битимлар ҳақидаги маълумотларга, давлат статистика ҳисоботи тариқасида тақдим этилиши керак бўлган маълумотларга ва бошқаларга) нисбатан татбиқ этилмайди.

Ошкор этилмаган ахборотни қонуний асосларсиз олган ёки тарқатган ёхуд ундан фойдаланаётган шахс ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик оқибатида бу ахборотнинг қонуний эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Ошкор этилмаган ахборот мазмунини ташкил этувчи маълумотларни мустақил равишда ва қонуний тарзда олган шахс бу маълумотлардан, тегишли ошкор этилмаган ахборот эгасининг ҳуқуқларидан қатъи назар, фойдаланишга ҳақли ва бундай фойдаланганлик учун унинг олдида жавоб бермайди.


38-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектига

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш


Тадбиркорлик фаолияти субъектига етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, бой берилган фойда бу зарарни етказган шахс томонидан тўла ҳажмда қопланиши керак. Зарар етказувчи бўлмаган шахс зиммасига қонунга биноан зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин.

Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши натижасида тадбиркорлик фаолияти субъектига етказилган зарарларнинг ўрни давлат томонидан ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан суднинг қарори асосида қопланиши керак. Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари айби билан етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан мазкур мансабдор шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.


39-модда. Тадбиркорлик субъектлари

фаолиятини текширишларни чеклаш

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъекти томонидан қонунчилик бузилиши содир этилиши хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда хавфни таҳлил этиш натижалари асосида назорат қилувчи органлар томонидан белгиланган тартибида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт, бундан камерал солиқ текширувлари мустасно.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўтказилган текширувлари натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар тугатилгандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олмасдан ўтказилган текширувлари қонунга хилофдир.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган текширувларни ўтказиш муддатлари ўн календарь кундан ошмаслиги керак.

Солиқ текширувлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асос бўлади. Сайёр солиқ текшируви ўн кундан ошмаган муддатда ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудитини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган муддатлардан ошмаслиги лозим.

Солиқ органи солиқ аудитини ўтказишнинг бошланиши тўғрисида солиқ аудити бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини солиқ аудитини ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

Тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити белгиланган тартибда фақат солиқ органлари томонидан, солиқ аудитини ўтказиш давомида бюджет, солиқ ва валютага оид қонунчилик бузилиши билан боғлиқ жиноятлар аломатлари аниқлаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Солиқ аудити:

аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан камерал текширув натижаларига кўра тақдим этилган, аниқлаштирилган талабномадан кейин) ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаган ёки тақдим этган асосномалари етарли эмас деб топилган солиқ тўловчилар бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг хавфини таҳлил этиш натижалари асосида белгиланадиган юқори даражадаги хавфга эга бўлган солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) тоифасига мансуб солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказилади.

Текширув бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиб, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларини рад этганлик тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларида жалб этиш учун монелик қилмайди.

Текширувлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган муддатларда унинг бир нусхаси текширилаётган тадбиркорлик фаолияти субъектига топширилади.


40-модда. Молиявий санкцияларнинг қўлланилмаслиги

ва суммалари камайтирилиши

Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди. Мазкур норма солиққа оид ҳуқуқбузарликлар сабабли молиявий санкцияларни қўллаш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбга иқрор бўлинганда ва солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.



41-модда. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини

текширишларни амалга ошираётган мансабдор

шахсларга қўйиладиган талаблар


Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга киришишига мазкур шахсларда назорат қилувчи органнинг текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текширув ўтказиш муддатлари, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилган буйруғининг кўчирма нусхаси, шунингдек текширувчи мансабдор шахсларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ҳамда шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширувдан ўтказаётганда текширишларни рўйхатдан ўтказиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ёзув киритади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш чоғида тадбиркорлик субъектларининг тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан кўриқланадиган бошқа сирлари, шунингдек ошкор этилмаган ахбороти сир сақланишини таъминлаши шарт.



42-модда. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан

ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади. Бунда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади:

фаолиятни тугатиш;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;

фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно.

Фавқулодда ҳолат шароитида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш "Фавқулодда ҳолат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


43-модда. Давлат бошқаруви органларининг тадбиркорлик

фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатлари


Давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ва тадбиркорлик фаолиятининг ривожлантирилиши устидан мониторингни амалга оширади, мавжуд муаммоларни ўрганади ҳамда тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига молиявий, моддий-техник ва ахборот ресурсларидан фойдаланишда кўмаклашади;

тадбиркорлик фаолияти субъектларига ўз товарларини (ишларини, хизматларини) ташқи ва ички бозорларда реализация қилишда, шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат харидларини амалга ошириш жараёнига фаол жалб этиш ҳамда уларнинг маҳсулотини ўтказиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар ташкил этиш йўли билан кўмаклашади;

тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида ахборот ва тушунтириш ишларини, консалтинг, лизинг, суғурта ва бошқа хизматлар тизими ривожлантирилишини ташкил этади;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўмаклашади.

Давлат бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


44-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

тадбиркорликни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари ва чораларини белгилайди;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


45-модда. Тадбиркорликни ривожлантиришнинг

давлат томонидан рағбатлантирилиши


Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш:

тадбиркорлик соҳасига инвестицияларни (шу жумладан, чет эл инвестицияларини), замонавий технологиялар ва ускуналарни жалб этиш, шунингдек бозор инфратузилмаси институтларини ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

экспорт-импорт операциялари, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг иштирокини кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларини уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик, илмий-техник ва бошқа ахборот билан таъминлаш;

солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар белгилаш орқали амалга оширилади.

Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш қонунчиликка мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.


46-модда. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш фондлари

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда фондлар ташкил этилиши мумкин.


47-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига

энергия манбалари истеъмоли борасидаги имтиёзлар


Қишлоқ хўжалик товарлари ишлаб чиқарувчилар учун энергия манбалари бўйича белгиланган имтиёзли тарифлар қишлоқ жойларда жойлашган ҳамда фаолиятни амалга ошираётган кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.



48-модда. Тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар

тайёрлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш


Давлат тадбиркорлик фаолияти субъектлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими ривожлантирилишини таъминлайди.

Қишлоқ жойлардаги тадбиркорлик фаолияти субъектлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлардан фойдаланади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектини

тугатиш (унинг фаолиятини тугатиш)


Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектини тугатиш унинг муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан тегишли ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига ёхуд суднинг ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра амалга оширилади.

Тадбиркорлик фаолияти субъекти тугатилаётганида бўшатилаётган ходимларга қонунчиликка мувофиқ уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши кафолатланади.

Жисмоний шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тугатиш унинг қарорига ёки суд қарорига кўра амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти унинг тугатилиши (фаолияти тугатилиши) ҳақидаги ёзув рўйхатдан ўтказувчи органнинг тегишли давлат реестрига киритилганидан кейин тугатилган (фаолияти тугатилган) ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектини тугатиш (унинг фаолиятини тугатиш) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


50-модда. Давлат органлари ва бошқа органларнинг

қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш


Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишига кўра бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят берилганлиги шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан фақат юқори турувчи солиқ органига улар устидан шикоят қилинганидан кейин суд тартибида шикоят қилиш мумкин. Мазкур қоида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарори устидан шикоят қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида судга мурожаат қилганида давлат божи тўлашдан озод этилади.


51-модда. Низоларни ҳал этиш

Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти соҳасидаги низолар қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳал этилади.


52-модда. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг

кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи", 2012 йил 3 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 18-сон, 201-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 5-сон, 133-модда































































Время: 0.1371
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск